Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, нодавлат ташкилотлар фаоллари иштирок этди. Анжуманни видеоконференция алоқа тизими орқали вилоят, туман ва шаҳарлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек, мамлакатимизнинг чет эллардаги элчилари кузатиб борди.

Бир йил муқаддам мамлакатимиз тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилган эди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган ушбу дастуриламал даражасидаги нутқ асосида жорий йил учун пухта амалий режалар тузилди, халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатнома режаларини ҳаётга изчил жорий этишнинг дастури сифатида мамлакатимизда 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг навбатдаги босқичи бўлган 2018 йилда эл-юртимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлида тўла маънода улкан бунёдкорлик, қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бу сафарги Мурожаатномада ҳам якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келаси йилга мўлжалланган режалар, Ватанимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар баён этилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди.

2018 йилда аҳолининг реал даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоиз ошди. Солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилгани, бу ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса 32 баробар кўп бўлгани қайд этилди.

Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун қулай шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлди. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 416 та қишлоқ янгича қиёфа касб этди. "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз" дастурларини изчил татбиқ этишга киришилди.

Мурожаатномада ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг бошқа соҳаларида ҳам муҳим қадамлар қўйилгани қайд этилди. Очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, одамларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифига мувофиқ, жорий йилдаги ишларни мантиқий давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида 2019 йил мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинди.

Бир сўз билан айтганда, кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ижроси мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очади, халқимизнинг янги, янада юксак марраларни қўлга киритишида пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири

Manba: \